Uzbekistan

08.08.08 рақамли уруш. Бундан 12 йил аввал Грузия Россияга уруш очганди

Бугун XXI асрда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида рўй берган жиддий ҳодиса – Грузия-Россия уруши бошланганига 12 йил бўлди. 2008 йил 8 август куни Россия ҳарбийлари ўз «ватандошлари»ни ҳимоя қилиш учун Грузияга бостириб кирган эди. Ўшанда Кавказдаги кичик бир республика бўлган Грузия бу урушда мағлубиятга учраган бўлса-да, грузинлар охир-оқибат барибир ютиб чиқишди.

Грузия ва Россия ўртасида содир бўлган урушнинг сабабларини бироз аввалроқдан қидириш керак. 2008 йил 5 январда Грузияда президентлик сайлови билан биргаликда мамлакатнинг НАТОга қўшилиши масаласида ҳам референдум ўтказилади. Президент сайловида амалдаги президент Михаил Саакашвили ғалаба қозонади. Референдумда эса унда қатнашганларнинг 77 фоизи НАТОга қўшилиш учун овоз берди.

Февралда Саакашвили НАТОнинг ўша пайтдаги бош котиби Яаап де Хооп Схефферга Грузия альянсга аъзо бўлиш учун музокараларга тайёрлигини маълум қилиб, мактуб жўнатади. Бу эса табиийки ҳудуднинг «катта оғаси» Россияга ёқмайди. СССР тарқаб кетганидан сўнг НАТОнинг чегаралари шимолда, Болтиқ бўйи республикалари ва Польша орқали Россия чегараларига келиб тақалгани ўзи шундоқ ҳам Россия раҳбарларининг ғашига тегиб келаётганди. Шундай ҳолатда «бурнининг таги»даги Грузиянинг ҳам НАТОга қўшилиш учун ҳаракат қилиши Россиянинг наздида ошиқча эди. Шу туфайли 2008 йил 6 март куни Россия Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги режаларига жавобан МДҲ доирасида 1996 йил 19 январда қабул қилинган «Грузия-Абхазия можароларини тартибга солиш» ҳақидаги келишувдан чиққанини маълум қилади.

Россиянинг бу қарори Грузия учун бироз таҳликали эди. Сабаби Россия Грузиянинг расмий Тбилисига бўйсунишни хоҳламаган ҳудудлари Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолисига Россия паспортларини аввалдан бериб келаётган бўлса, энди бу ишни тезлаштириши эҳтимоли бор эди. Амалда шундай бўлади ҳам. Россия очиқчасига бу икки республика аҳолисига ўз паспортини бера бошлайди. 2008 йил ёзига келиб Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисининг аксар қисмида Россия паспортлари бор эди.

Шу ўринда Россиянинг асосий мақсади 2004 йилда Саакашвили ҳокимият тепасига келгандан сўнг ўзи билан алоқаларни совуқлаштириб юборган Грузиядан ўч олиш бўлгани ойдинлашади. Чунки Грузия ҳар қанча референдум ўтказмасин, музокара бошлаш учун бош котибга мактуб жўнатмасин, НАТО уни ҳеч қанақасига ўз сафига қўшмас эди. Чунки НАТО сафига қўшилиш учун номзод давлатнинг нафақат қўшнилари билан, балки мамлакат ичида ҳам ҳудудий можаролари бўлмаслиги керак. Украина ва Грузия шу жиҳатдан НАТОга кира олмайди.

Шу ўринда бир мисол: собиқ Югославиядан мустақил бўлиб чиққан Македония НАТОга аъзо бўлиш учун мурожаат қилганига кўп йиллар бўлган эди. Грециянинг биргина «Македония бизнинг вилоят номи, шу учун сен ўз номингни ўзгартирасан», деб қўйган талаби ортидан НАТО Македонияни аввал Греция билан келишиб олишга чақириб, узоқ йиллар ўз сафига қўшмай келади. Охири Македония ён берди ва Греция билан келишиб, ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартирди. Шундан сўнг НАТО бу давлатни ўз сафига қўшиб олди.

Россияда эса НАТО ҳудудий можаролар сабаб Грузияни ўз сафига қўшмаслигини яхши билишарди. Россиянинг «Грузия-Абхазия можароларини тартибга солиш» ҳақидаги келишувдан чиқиб кетгани ва бу икки республика аҳолисига ўз паспортини тарқатиши эса Саакашвили ва Грузия ҳукуматига юборилган «алангали салом» эди.

Саакашвили ҳудудий можаролар сабаб НАТОга қўшила олмаслигини билар, шу сабаб аввало Абхазия ва Жанубий Осетия муаммосини ҳал қилиши керак эди. Афсуски, қизиққон Саакашвили буни тинч йўл билан эмас, ҳарбий куч билан амалга оширишга уринади.

Грузияда собиқ иттифоқ даврида учта автоном ҳудуд бор эди: Абхазия, Жанубий Осетия ва Ажария. Улардан иккитаси – Абхазия ва Жанубий Осетия СССР тарқаб кетган йилларда Грузия таркибидан чиқиб кетиш учун ҳаракат бошлайди ва қисман бунга эришади. 1992-1993 йилларда Грузия исёнчи ўлка Абхазияни ўз таркибига қайтариш учун бу республикага қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боради. Аммо Россиядан ҳарбий ёрдам олиб турган Абхазияни ўз таркибига қайтара олмайди. Жанубий Осетия билан бўлган можаролар ҳам шу сценарий остида кечади ва Россия қўллаб турган бу республикани ҳам ортга қайтаришнинг иложи бўлмайди. Кейинчалик Саакашвилигача Грузияни бошқарган Эдуард Шеверднадзе тақдирга тан беради ва Абхазия ва Жанубий Осетияни ортга қайтаришдан умидини узади. Шу-шу Грузия билан бу икки республика ўртасида жиддий қуролли можаролар содир бўлмаган, фақат чегарада кичик можаролар чиқиб турган.

Учинчи автоном ҳудуд Ажария 2004 йилда Грузиядан ажралиб чиқиш учун ҳаракат қилиб кўради. Ўшанда эндигина Грузия раҳбари бўлган Саакашвили Ажарияни 1991 йилдан бери бошқариб келаётган Аслан Абашидзени кескин танқид қилиб чиқади. Бунга жавобан Ажария раҳбари Грузиядан ажралиб чиқишини билдиради ва ўртада қуролли можаро бошланади. Россия Аслан Абашидзени зимдан қўллаб, унга ҳар томонлама ёрдам берган бўлса ҳам, воқеалар ажариялик айирмачиларнинг мағлубияти билан тугайди. Абашидзе Москвага, «валинеъматларининг» паноҳига қочиб кетади. Шу тариқа, Саакашвили Ажария муаммосини ҳал қилади ва олдинда Абхазия ва Жанубий Осетия муаммоси қолади.

2008 йил ёзда Грузия ва Жанубий Осетия ўртасидаги чегарада тез-тез қуролли тўқнашувлар содир бўла бошлайди. Берилаётган баёнотларда ҳар икки тараф ҳам бир-бирини айблайди.

10 июлдан бошлаб Россия ҳарбий самолётлари халқаро қонунларга зид равишда Жанубий Осетия осмонида парвоз қила бошлайди. Бунга норозилик билдириш учун 11 июль куни Саакашвили Грузиянинг Москвадаги элчисини чақириб олади. Грузия ўз ҳарбийларини Жанубий Осетия чегарасига жўната бошлайди. Жанубий Осетия ҳам ўз эҳтиётини қилиб пойтахт Цхинвалидан қариялар, ёш болалар ва аёлларни автобусларда хавфсиз жойга кўчира бошлайди.

Июлнинг иккинчи ярмида Грузияда АҚШ ҳарбийлари билан қўшма ҳарбий ўқув машғулоти ўтказилади. Бунга жавобан Россия ҳам «Кавказ-2008» ҳарбий ўқув машқини ўтказади. 7 август куни Грузия ва Жанубий Осетия чегарачилари ўртасида яна отишма содир бўлади. Тушдан кейин икки томон ўт очишни тўхтатганини маълум қилади. Бу пайтда Грузия ҳарбийлари Цхинвали томон ҳаракатланишда давом этаётган эди.

8 август куни тушга яқин Жанубий Осетия хавфсизлик кенгаши раиси Анатолий Баранкевич Россия нашрларига Грузия армиясининг танклари ва артиллерия кучлари пойтахт Цхинвалига яқинлашиб қолгани ҳақида маълум қилади. Кўп ўтмай Грузия артиллерияси Цхинвалини нишонга ола бошлайди. Ўшанда Россия ҳарбийларига кўра, Цхинвалини Грузия ҳарбий авиацияси ҳам бомбардимон қилган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган.

Грузия Жанубий Осетияга қарши уруш бошлаган куни Хитой пойтахти Пекинда навбатдаги олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтаётган ва кўпчиликнинг диққат маркази ушбу мусобақада эди. Қолаверса, Хитой раҳбарининг таклифига биноан дунёнинг кўплаб давлат раҳбарлари ва таниқли сиёсатчилар Пекинга келганди. Пекинда бўлиб ўтган тадбирда дунёнинг 80 та давлати раҳбари ёки ҳукумат раислари қатнашган.

Шу жумладан, 2008 йил 7 май куни президентлик курсисини Дмитрий Медведевга бўшатиб бериб, мамлакат бош вазири лавозимига ўтган Владимир Путин ҳам ўша пайтда Пекинда эди.

У ўшанда Хитойдан туриб «Грузия Жанубий Осетияга нисбатан жуда агрессив йўлдан боргани, бу одамлар ҳалок бўлишига олиб келгани, шаҳарлар вайрон бўлгани, Россия Грузиянинг бу босқинчилик ҳаракатини жавобсиз қолдирмаслиги»ни айтганди.

9 август куни эрталаб бутун дунё Грузиянинг Жанубий Осетияга бостириб кирганидан хабар топади. Зудлик билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши маслаҳат учун йиғилади. Икки соат давом этган маслаҳатлашувда томонлар Россиянинг Грузияга жазо чоралари қўллаш кераклиги ҳақидаги талабига кўнмайди ва томонлардан ўт очишни тўхтатиш талаб қилинади.

БМТ котиби Пан Ги Мун, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар масалалари бўйича вакили Хавьер Солана, АҚШ давлат департаменти вакили ҳамда НАТО бош котиби Яаап де Хооп Схеффер икки томон ўт очишни зудлик билан тўхтатиши лозимлигини билдиришади. Гарчи ўшанда Грузия армияси Жанубий Осетияга бостириб кирган ва пойтахт Цхинвалини забт этган бўлса ҳам, мамлакат раҳбарлари халқаро ташкилотларни чегарада икки томонлама отишма бўлаётганига қисман ишонтирган эди. Қолаверса, аксарият халқаро ташкилотлар Грузия тарафида бўлгани учун ҳам мазкур ҳодисада бу мамлакатга жазо қўллаш эмас, балки икки томон ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишини маълум қилади.

Халқаро ташкилотлар ҳодисага юмшоқлик билан муносабат билдирганидан сўнг Жанубий Осетия хавфсизлик кенгаши раиси Анатолий Баранкевич Россиядан ҳарбий ёрдам сўрайди. «Агар бизга Россия тезкорлик билан ёрдам бермаса, республикада қисқа вақтда тирик жон қолмайди», деган эди у. Бир тарафдан Баранкевич ҳам ўшанда «ролини яхши бажарган», чунки у Россиядан ҳарбий ёрдамни аввалроқ сўраб бўлган ва расмий равишда ёрдам сўраган пайтда Россиянинг Шимолий Кавказдаги 58-армиясига тегишли ҳарбий қисмлар Цхинвалига яқинлашиб қолган эди.

9 август куни Москвада Россия Мудофаа вазири Жанубий Осетияни Грузия босқинчилигидан ҳимоя қилиш учун россиялик ҳарбийлар ўз ҳаракатини бошлаганини маълум қилади. Бу пайтда Россия ҳарбийлари Цхинвали остонасида эди.

Грузиялик ҳарбийлар Цхинвалини ўққа тутмоқда, 2008 йил 8 август. 

AFP/SHLAMOV

Орадан бир неча соат ўтиб Россия президенти Дмитрий Медведев тўғридан тўғри эфирда чиқиш қилади. Россия ҳар доим Кавказ халқлари учун тинчликни таъминлаш кафолати бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Россия конституцияси ва федерал қонунларига мувофиқ, Россия президенти сифатида мен мамлакат фуқароларини ва ўз ватандошларимни, улар қаерда, қандай ҳолатда бўлса ҳам, муносиб ҳимоя қила оламан», дейди Россиянинг учинчи президенти Дмитрий Медведев. У «Россия фуқаролари ва ватандошларим» деганда Россия паспортини олган жанубий осетияликларни назарда тутган эди. Медведев Россия қўшинлари Жанубий Осетия ва Грузияга киритилаётгани ҳақида ҳеч нарса демайди, аммо унинг нутқини эшитганлар Россия Грузияга қарши уруш бошлаб юборганини англаб турар эди.

Кейинчалик маълум бўлдики, Россиянинг 58-армия бўлинмалари 8 августдаёқ Шимолий Кавказдаги ҳарбий базалардан Цхинвали томон ҳаракатлана бошлаган. Ўшанда бу армия таркибида 1500 нафар ҳарбий, 14та Т-72 танки, 16та «Акация» типидаги ҳарбий техника, 9та «Град» артиллерия қурилмаси бўлган. 9 август куни Россия мудофаа вазири ва унинг ортидан Медведев гапирган пайтда Россиянинг бошқа ҳудудларидан ҳарбий бўлинмалар Грузия томон жўнатилган. Улар орасида ҳарбий авиация бўлинмалари ҳам бўлган.

8 август куни Грузия армияси Жанубий Осетия пойтахтига ҳужум қилганида бу ерда «тинчликпарвар кучлар» вазифасини бажараётган кам сонли россиялик ҳарбийлар ҳам уларга қаршилик кўрсатади. Тенг бўлмаган жангларда улар енгилади ва Цхинвали грузинлар қўлига ўтади.

9 август куни эрталабдан Россия ҳарбий самолётлари Грузиянинг муҳим объектларига ҳаводан зарба бера бошлайди. 58-армия бўлинмаси эса Цхинвалини грузинлардан озод қилиш учун жангларни бошлайди. Ўша куни соат 11:30да Грузия президенти Саакашвили мамлакат бўйлаб жанговар шайлик ҳолатини эълон қилади. Тушдан сўнг Россия Грузиянинг бир қанча муҳим ҳудудларига ҳарбий десантларни ташлай бошлайди. Гори, Вазиани ва Марнеулида жойлашган ҳарбий аэродромларга ҳаводан зарба берилади.

9 август куни Саакашвили Ғарб нашрларига берган қисқа интервьюсида «Россия Грузияга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Мамлакатнинг катта қисмида русларга қарши жанг қиляпмиз», дейди. Ўша куни кечга бориб Россия мудофаа вазирлиги Цхинвалидан Грузия ҳарбийлари чиқарилгани ва Грузияга яна қўшимча кучлар жўнатилганини маълум қилади.

9 август куни Грузия президенти мамлакатда 15 кунлик ҳарбий ҳолат эълон қилади. Шу куни Хитойдан қайтган Владимир Путин Шимолий Осетия маркази Владикавказ шаҳрига боради. У «республикада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишади» ва Росия-Грузия уруши ҳақида бир оғиз ҳам гапирмайди.

10-12 август кунлари Россия ва Грузия ҳарбийлари ўртасида жанглар давом этади. 12 август куни Франция президенти Николья Саркози икки ўртада шу урушни тўхтатиш масаласида воситачилик қилиш учун Москвага ташриф буюради. У Москвадаги музокараларни тугатиб, 12 августда Тбилисига ҳам боради ва Саакашвили билан музокара ўтказади.

Шу куни Грузия урушда енгилганини тан олиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади. Уруш тугайди. Аммо Россия ҳарбийлари ўзи эгаллаган позицияда 16 авгусгача қолади. Ўшанда Россия ҳарбийлари пойтахт Тбилисига жуда яқин келиб қолганди. Агар Саакашвили Грузиянинг енгилганини тан олишни бироз ортга сурганда, россиялик ҳарбийлар Грузия пойтахтини ҳам босиб олиши мумкин эди.

Йўқотишлар

Бу урушда Россия армияси минимал йўқотишларга учраган ва 64 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, 283 нафар ҳарбий ярадор бўлган, 3 ҳарбий бедарак йўқолган, олтита ҳарбий самолёт йўқотилган. Кейинчалик ушбу урушда қатнашган истеъфодаги рус ҳарбийлари ўшанда Россия самолётларининг учтасини Грузия ҳарбийлари, яна учтасини эса англашилмовчилик туфайли русларнинг ўзи уриб туширганини айтган эди. Лекин Россия томони бу маълумотни тан олмаган.

Бу урушда Грузиянинг 179 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган, 1 964 нафар ҳарбий ва полициячи ярадор бўлган. Грузия бу урушда ўзининг кўплаб ҳарбий техникаларидан, авиациясидан ва ҳарбий кемаларидан айрилади. Бундан ташқари, мамлакатнинг бир қисми вайрон бўлади.

Уруш оқибатларининг Грузияга таъсири

Грузия-Россия уруши тугаганидан сўнг расмий Тбилиси амалда Жанубий Осетия ва Абхазиядан батамом айрилади. Россия 2008 йил 26 августда ушбу республикаларнинг мустақиллигини тан олади. Шундан сўнг бу республикалар ҳудудида Россия ўз ҳарбий базаларини жойлаштиради. Бугунги кунда ҳам ҳар икки республиканинг Грузия билан чегарасини Россия ҳарбийлари қўриқлаб келмоқда. Кейинчалик дунёнинг яна бир неча давлати Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олади. Аммо халқаро қонунлар бўйича ҳар икки республика Грузиянинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Урушдан сўнг Россия-Грузия муносабатлари

2008 йил 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олгач, икки кун ўтиб 28 августда Грузия парламенти Россия билан барча алоқаларни, ҳатто дипломатик муносабатларни узиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг Россиянинг Тбилисидаги элчихонасига хат киритилиб, у ерда ишлаётган россиялик дипломатлардан Грузияни тарк этиш талаб қилинади. 3 сентябрь куни Россия Тбилисидаги элчихонасини ёпиб, элчиларни олиб чиқиб кетади. Тбилисидаги элчилари қувиб юборилгандан сўнг Россия Грузия билан иқтисодий алоқаларни ҳам батамом узади. Грузия маҳсулотлари Россияга киритилмай қўйилади. Бутун Россия бўйлаб Грузия фуқароларини ушлаш ва депортация қилиш бошланиб кетади.

Россия-Грузия урушидан беш йил ўтиб, 2013 йилда Саакашвили мамлакат президентлигидан кетади. Унинг ўрнига янги президент Георгий Маргвелашвили келди. 2018 йил 28 октябрда Грузияга Саломе Зурабишвили президент этиб сайланади. Лекин уларнинг ҳеч бири Россия билан алоқаларни тиклашни хоҳламайди.

Шу тариқа, ҳануз Россия ва Грузия ўртасида дипломатик алоқалар тикланмаган. 2009 йил 5 март куни Швейцариянинг Москвадаги элчихонасида «Грузия манфаатлари бўлими» очилади. Ўз навбатида, Швейцариянинг Тбилисидаги элчихонасида ҳам «Россия манфаатлари бўлими» очилган. Ҳар икки мамлакат манфаатлари ўзаро тўқнашганда ёки бошқа масалаларда улар Швейцария воситачилигида ана шу бўлимлар орқали ўзаро мулоқот қилади.

Мағрур Грузия енгилмайди

2008 йилда Грузия ва Россия ўртасида сиёсий ва иқтисодий алоқалар батамом узилганда россиялик айрим сиёсатчилар «Грузия маҳсулотларини Россияга киришини тақиқладик, Россияда пул ишлаб юрган грузияликларни қувдик, энди эртага очидан ўлмаслик учун Саакашвили олдимизга ялиниб келади», деб ҳам гапиради. Лекин бундай бўлмади. Мағрур Грузия оч қолса қолди, қийналса қийналди, аммо Россияга ялиниб бормади. Аксинча, қийинчиликлар бу давлатнинг, бу халқнинг иродасини тоблади ва янада кучли қилди. Саакашвили урушдан кейин мамлакат оғир вазиятга тушган кезларда ҳам ўзи бошлаган ислоҳотларни давом эттирди. Саакашвили президентликдан кетганидан сўнг унинг ўрнига келган янги раҳбарлар ҳам у бошлаб берган ислоҳотларни давом эттиришди.

Бунинг натижасида Грузияда коррупция ҳолатлари кескин камайди, мамлакатга хориждан катта инвестициялар кириб келди ва бу давлат қисқа муддатда иқтисодиётни ривожлантириб, нафақат урушдан олдинги мавқейини тиклади, балки янада ривожлантирди. Айниқса, Грузиянинг сайёҳлик соҳасида эришилган муваффақиятлар таҳсинга сазовор. Грузия аҳолиси 3 миллион атрофида бўлган ҳолда сўнгги бир неча йилда бу мамлакатга ҳар йили 7-8 миллион атрофида сайёҳ келган. Бугун Грузия Россия таъсир доирасидан чиқиб кетгани билан кўпгина кўрсаткичлар бўйича собиқ иттифоқ республикалари орасида энг яхши натижаларини кўрсатмоқда. Айниқса, таълим соҳасида. Энг муҳими, бу республика Россиясиз ҳам яшай олишини бутун дунёга исботлаб қўйди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

.

.

Related Articles

Leave a Reply

Your email address will not be published.

Back to top button